18 ноябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан президентликка номзод Сарвар Отамуратов Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди партия матбуот хизмати.

Тошкент вилояти ривожланган саноати, иқтисодиётни равнақ топишига имкон берувчи географик ўрни, улкан маъдан ва хом ашё заҳираси билан республикада алоҳида ўринга эга эканини таъкидлади номзод. Вилоят меҳнаткашлари ўз фидоийлиги ва бунёдкорлик салоҳияти билан мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиб келишаётганини эътироф этиб ўтди.

Номзод сайловчиларни сайловолди дастури билан таништирар экан, тарихий, маданий, бой маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш ҳамда маънавий юксалишга эришиш масалаларига устувор аҳамият қаратилганини таъкидлади.

Номзод ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш, маҳаллий саноат самарадорлигини янада оширишнинг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштиришга эришиш лозимлигига эътибор қаратди. Унинг фикрича, хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқараётган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш орқали миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлардан муҳофаза этиш зарур.

Шунингдек, Сарвар Отамуратов миллий иқтисодиёт ривожи етук мутахассис-кадрларга боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда, замонавий билим ва малакага эга инженер-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтириш таклифини илгари сурди.