Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Наримон Умаров 16 ноябрь куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди партия матбуот хизмати.

Наримон Умаров Самарқанд нафақат ўзининг буюк ўтмиши ва боқий ёдгорликлари, балки бугунги салоҳияти ва маданияти, авваламбор, меҳнаткаш, меҳмондўст, ориятли халқи билан дунёга донг таратганлигини эътироф этди. Бугунги кунда вилоятда саноатнинг автомобилсозликдан тортиб текстил ва қайта ишлашгача бўлган кенг турлари ривож топган.

Номзод сайловчиларни сайловолди дастурининг асосий йўналишлари билан таништирди. Наримон Умаров келгусида энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этиш, мавжуд муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш орқали рақобатдош энергия бозори яратилишини рағбатлантириш масалаларига эътибор қаратишини маълум қилди.

Шунингдек, Наримон Умаров жамият ривожида хотин-қизларнинг иштироки масаласига алоҳида тўхталиб, мамлакатда аёлларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги ролини кучайтириш ва сиёсий ҳуқуқларини оширишга эътибор қаратиб келинаётганини қайд этди. Хотин-қизларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, давлат бошқаруви органларининг барча соҳалари ва бўғинларига жалб қилиш таклиф қилинди.