Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди ЎзА.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 ойида Қашқадарё вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10 триллион 630 миллиард сўмдан зиёдни, ўсиш суръати 6,5 фоизни ташкил этганини таъкидлаб ўтди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 62,3 фоизга етди. Мамлакатга жалб этилаётган инвестицияларнинг 11,2 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Дастурда мамлакатда ривожланган ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилишда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, бу борада фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва аҳоли билан самарали ҳамкорлик механизмларини кенг қўллаш аксини топган.

Шунингдек, 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробардан зиёд кўпайтириш, иқтисодиётимиз таркибида саноатнинг улушини 40 фоизга етказиш, иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни кучайтиришга доир стратегик мақсадлар ўз ифодасини топган.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш, аввало, қишлоқ аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш, халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.