Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан президентликка номзод Хатамжон Кетмонов 16 ноябрь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди ЎзА.

Президентликка номзод Хатамжон Кетмонов сайловолди дастури Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг парламентдаги кўпчилик — Демократик кучлар блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бу мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланади.

Мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, корхоналар таснифига «ўрта корхона» тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналар мезонларини белгилаш, кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилган.

Қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага янги технологияларни жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият берувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш, бунинг учун мунтазам ўтказиладиган иш ўринлари ярмаркаларини янада кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги тараққиёт йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаб олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.