Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 17 ноябрь куни Президент сайловига қатор халқаро ташкилотлар кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказининг хабар қилишича, мажлисда Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссиялари кузатувчиларини аккредитациядан ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилар миссияси фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари ва ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари иштирок этган мажлисда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Барча ҳудудларда участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий билимини янада ошириш ва уларнинг комиссиялар фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

20−30 ноябрь кунлари сайлов участкаларини овоз беришга тайёрлаш, сайловчилар рўйхатига ўзгартиришлар киритиш, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш, сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, шунингдек, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш каби долзарб масалаларга бағишланган семинарларни ўтказиш кўзда тутилмоқда.