Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Наримон Умаров 15 ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди партия матбуот хизмати.

Учрашувда Наримон Умаров ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил тўхталиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ғоя ва таклифларини билдирди. Номзод бугунги кунда ҳудудий дастурларнинг самарали ижро этилишида асосий масъулият маҳаллий бошқарув органлари зиммасига тушаётгани, аммо жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг барчасини ҳал қилишда ҳокимларнинг ваколатлари етарли эмаслигини қайд этди.

Номзод айни масаланинг мақбул ечими сифатида маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этиш, уларни жавобгарликка тортиш, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига доир ваколатларини кенгайтириш таклифини илгари сурди.

Наримон Умаров маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш, ҳудудий давлат ҳокимияти органлари зиммасига муайян вазифа, ваколат ва топшириқ юклатилган ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш билан боғлиқ аниқ механизмларни акс эттириш, қолаверса, барча ҳудудий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлигига тавсия этилаётган номзодларни ҳокимлар билан келишиш лозимлигини таъкидлади.

Жиззах вилоятида йирик инновацион лойиҳаларга асосланган кўплаб корхоналар фаолияти йўлга қўйилганига эътибор қаратган Наримон Умаров Ўзбекистон келажаги айнан инновацион иқтисодиётда, деб билишини яъни, бутун дунёда фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқ фаровонлиги ва жамиятнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишини қайд этди.

Номзод махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш, унда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифаларни белгилаш асосий мақсадларидан эканинини таъкидлади.