Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 15 ноябрь куни Сеулдаги Жаҳон кубоги стадионида жаҳон чемпионати-2018 учинчи саралаш босқичи бешинчи тури доирасида Жанубий Кореядан 2:1 ҳисобига мағлубиятга учради.

Самвел Бабаян жамоаси учрашувнинг 25-дақиқасида биринчи бўлиб ҳисобни очди. Мезбон жамоа дарвозабони хатосини англаган Марат Бикмаев узоқ масофадан гол киритди. Бироқ Ули Штилеке ўйинчилари 67-дақиқада Нам Тхэ Хининг голи эвазига ҳисобни тенглаштирди. Учрашув тугашига 5 дақиқа қолганида эса Ку Жа Чхол ўз жамоасини олдинга олиб чиқди.

Бешинчи турдан сўнг Ўзбекистон 9 очко билан учинчи ўринни банд этиб турибди. Ундан тепада эса Жанубий Корея (10) ва бир ўйин захирасига эга Эрон (10) жой олган.