Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Тошкент вилоятининг Қибрай ва Зангиота туманларида ичимлик суви таъминотини яхшилашга 120 млн доллар миқдорида қарз ажратилишини тасдиқлади. Банк матбуот хизматининг хабар қилишича, лойиҳа натижасида 260 мингдан зиёд киши доимий хавфсиз ичимлик суви билан таъминланади.

ОТБ Марказий ва Ғарбий Осиё департаментининг шаҳарларни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Хао Чжаннинг сўзларига кўра, лойиҳа уй хўжалиги ва сув бизнеси харажатларининг қисқартириш, турмуш даражасини оширишга хизмат қилади. Вилоятда сув таъминоти инфратузилмасининг катта қисми таъмирга муҳтож.

Сув таъминоти тармоқлари модернизациясидан ташқари, лойиҳада мазкур икки туманда бошқарув тизимини яхшилаш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон 1995 йилдан буён ОТБ аъзоси ҳисобланади. Бу вақт давомида мамлакат банкдан кредит сифатида 5,1 млрд доллар ва 64,9 млн доллар техник кўмак кўринишидаги грантларни қабул қилиб олган.