«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси акционерлик жамиятига айлантирилади, дейилади 25 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Президенти в. б.қарорида.

Ҳужжатда қурилиш материаллари саноати тузилмасини янада ривожлантириш ва диверсификация қилиш, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, технологик ва техник қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш ҳамда унинг экспорт потенциалини ошириш, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш бўйича чоралар кўзда тутилган.

АЖ вазифалари қаторига қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва турларини кенгайтириш, соҳага энергия ва ресурсларни тежовчи илғор технологияларни кенг жорий этиш, замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, соҳани бошқаришга юқори малакали, шу жумладан хорижий менежерларни кенг жалб қилиш ва бошқалар киритилган.

«Ўзқурилишматериаллари» АЖ тузилмасида «ҚурилишматериаллариЛИТИ» МЧЖ ихтисослаштирилган лойиҳа илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Унга лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тадқиқот ишларини олиб бориш, қурилиш материаллари ва буюмларини ишлаб чиқариш соҳасида янги технологияларни жорий этиш бўйича вазифалар юклатилди.