Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван Ини қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Самимий ва хайрихоҳлик руҳида ўтган суҳбат давомида Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Томонлар мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқотларни келгусида ҳам давом эттиришга келишиб олди.

Ван И Ўзбекистон билан мамлакатларнинг узоқ муддатли манфаатларига мос келадиган барча истиқболли йўналишлар бўйича шерикликни бундан буён ҳам фаол ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг барқарорлиги, хавфсизлиги, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлидаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан биридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард АҚШ долларидан, Ўзбекистондаги устувор лойиҳаларга жалб қилинган Хитой инвестициялари ва кредитлари ҳажми 6,5 миллиард доллардан ошади.

Хитой ташқи ишлар вазири Тошкентга ташриф буюришдан аввал Самарқандда бўлиб, Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди.