Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Наримон Умаров 10 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Партия матбуот хизмати хабарига кўра, унда 700 нафардан зиёд киши иштирок этди.

Наримон Умаров сайловчиларга сайловолди дастурининг асосий йўналишларини баён қилар экан, халқ учун муносиб ҳаёт шароити яратиш, давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш, сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши учун бор кучини сафарбар этишга ваъда берди.

«Адолат» партиясидан президентликка номзод аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун жавобгарликни ва назоратни кучайтириш, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга оширишини қайд этди.

Шу билан бирга, бунёд этилаётган замонавий уй-жойларнинг лойиҳасини ишлаб чиқишда уларга инновацион, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланишга эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.