Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумкор ярим ҳимоячиси Элдор Шомуродов Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати саралаши учинчи босқичи доирасидаги Жанубий Кореяга қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Жанубий Корея — Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Олдимизда жуда қийин баҳс бизни кутиб турибди. Аммо яхши натижа билан сафардаги ўйиндан қайтиб келишга ҳаракат қиламиз».

Саралаш босқичидаги тўрт ўйинда Жанубий Корея термаси олтита гол уриб, бешта голни ўтказиб юборди. Ўзбекистон футболчиси рақибнинг ҳимоядаги хатоларидан унумли фойдаланиш керак, деб ҳисоблайди.

«Жанубий Кореянинг ҳужум чизиғи жуда кучли. Лекин ҳимояда уларда хатолари етарли, — қайд этди 21 ёшли ярим ҳимоячи. — Биз айнан ўша хатолардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз».

Бешинчи турга қадар ЎЗбекистон ЎЗбекистон 9 очко билан «А» гуруҳида иккинчи ўринни эгаллайди. Биринчи ўринда Эрон (10) бўлса, учинчи ўринни Жанубий Корея (7) банд этиб турибди.

Октябрь ойида Шомуродов Россиянинг футбол менежменти соҳасидаги ProSports Management компанияси билан шартнома имзолади.