10 ноябрь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан президентликка номзод Сарвар Отамуратов Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашувди, хабар қилинди партия сайтида.

Номзод ўз сўзида туризм вилоят иқтисодиётини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини айтиб ўтди. Туризм республиканинг барча ҳудудлари қатори Бухорода ҳам бугунги кунда муҳим бўлиб турган қўшимча иш ўринларини яратиш, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини ошириш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Сарвар Отамуратов ўз сайловолди дастурида сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ҳамда сайёҳлик логистикасини такомиллаштиришни, сайёҳлик индустрияси билан боғлиқ хизматларнинг турли соҳаларига замонавий ахборот технологияларини жорий этишни таъминлаш каби вазифалар белгиланганлигини алоҳида эътироф этди.

Номзод Бухоро тарихини янада мукаммал, холисона тадқиқ этиш, ёш қадимшунос кадрлар тайёрлаш муҳим ва долзарб масала саналишини таъкидлаб ўтди.

Номзод фикрига кўра, эрта турмуш ва эрта туғруқларнинг олдини олиш борасида аниқ ва таъсирчан чоралар кўриш, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишлари, жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолида эрта никоҳга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш лозим.

Учрашувда «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод баркамол авлод тарбияси ҳақида гапирар экан, ёшларнинг маънавий камолоти билан бир қаторда уларнинг жисмонан етуклигига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зурурлигини таъкидлади.