Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги мамлакат раҳбарияти, жумладан, бош вазир Шавкат Мирзиёев,Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошев, Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммадали Аҳмедов ва бошқалар номидан шоир Абдулла Орипов вафоти муносабати билан таъзиянома эълон қилди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, атоқли жамоат арбоби Абдулла Орипов 75 ёшида Хьюстонда (АҚШ) вафот этди. Унинг дафн маросими пайшанба куни Тошкентда бўлиб ўтди.

Абдулла Орипов 1941 йили Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилди. 1963 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлади.

У ўз меҳнат фаолиятини «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг турли нашриётларида муҳаррир, «Гулхан» журнали бош муҳаррири, Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги директори вазифаларида меҳнат қилди. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатиб, адабий маслаҳатчиликдан ушбу нуфузли ижодий ташкилотнинг раиси лавозимигача бўлган масъулиятли йўлни босиб ўтди.

«Улкан сўз санъаткори, нодир истеъдод эгаси Абдулла Ориповнинг бетакрор ижоди теран миллий руҳи ва ҳаётийлиги билан ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ва мустаҳкам ўрин олди. У ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари, драматик ва публицистик асарларида она юртимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғусини беқиёс маҳорат билан тараннум этди» — дейилади таъзияномада.

«Абдулла Орипов мустақил Ватанимиз — Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифи сифатида эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллади», — давом эттирилади унда.

Атоқли шоир ярим асрлик серқирра ижодий фаолияти давомида «Митти юлдуз», «Кўзларим йўлингда», «Онажон», «Руҳим», «Юртим шамоли», «Ҳайрат», «Йиллар армони», «Ҳикмат садолари», «Эзгулик», «Шоир юраги», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни», «Истиқлол манзаралари», «Ранглар ва оҳанглар», «Менга хуш хабар айт», «Эверест ва уммон» каби шеърий китоблари, «Ҳаким ва ажал», «Жаннатга йўл», «Соҳибқирон» сингари чуқур фалсафий руҳдаги драматик асарлари, жаҳон адабиётининг Данте, Александр Пушкин, Тарас Шевченко, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев каби мумтоз намояндалари меросидан қилган бадиий етук таржималари билан улкан ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

«Айниқса, истиқлол йилларида Ватанимиз озодлигини, халқимизнинг эркин ва обод ҳаётини, миллий ғурур, инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғловчи шеър ва достонлари, замондошларимизнинг олижаноб фазилатлари ва фидокорона меҳнати ҳақидаги публицистик чиқишлари билан жамоатчилик эътиборини қозонди», — дейилади таъзияномада.

Абдулла Орипов кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати ва Сенати аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият олиб борди. У «Ўзбекистон халқ шоири», «Ўзбекистон Қаҳрамони» фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти ва «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.