11 ноябрь куни Филадельфияда (АҚШ) йирик профессионал бокс кечаси бўлиб ўтади. Унинг доирасида 10 та жанг ўтказилиши белгиланган бўлиб, ўзбек боксчиси Хуршидбек Норматов (2−0−0, 1 КО) ҳам рингга кўтарилади.

24 ёшли андижонлик боксчи 35 ёшли америкалик Ленвуд Дойзер (10−13−2, 5 КО) билан жанг қилади. Баҳс 6 раундлик форматда бўлиб ўтади.

Қайд этиб ўтамиз, Норматов Fight Promotion промоутерлик компанияси билан 15 та жанг учун уч йиллик шартнома имзолаган. 25 июнь куни дебют жангини ўтказиб, Ромон Барберни (6−11−0, 5 КО) мағлубиятга учратди. 23 сентябрь куни эса Томас Бернардни (5−4−0, 3 КО) нокаут ҳолатига тушириб, иккинчи ғалабасини нишонлади.

Норматов 2010, 2011, 2013, 2014 йилларда Ўзбекистон чемпиони бўлди, 2013 йилги Жаҳон Универсиадасида кумуш медал соҳибига айланди. Жаҳон бокс сериясида (WSB) Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий Зиятдинбек Тойгонбаев раҳбарлиги остида «Украин атаманлари» мусобақасида муваффақиятли иштирок этди. Мазкур ярим профессионал турнирда Хуршидбек бўлғуси Олимпиада-2016 бронза медали соҳиби Мисаэл Родригес ҳамда икки карра Олимпия чемпиони кубалик Арлен Лопесни мағлубиятга учратди.