Бир киши барча оила аъзолари учун «оилавий» овоз бериш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида бутун Ўзбекистон бўйлаб 100 минг нусхада ташвиқот плакатлари чоп этилиб, уларни одамлар гавжум масканларда жойлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов ЎзА мухбирига берган интервьюсида маълум қилди.

Миллий сайлов амалиёти тарихида биринчи бор Президент сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури қабул қилинди. Унда аҳолининг қарийб барча қатлами: хотин-қизлар, ёшлар, нуронийлар, имконияти чекланган шахслар, ҳарбий хизматчилар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, меҳнат жамоалари, ўқув муассасалари вакиллари ҳамда чет элдаги фуқароларнинг ҳам қамраб олиниши кўзда тутилган.

Жамоат ташкилотлари ва жамғармалар давлат органлари билан ҳамкорликда «Ўзим овоз бераман», «Оиламизда ҳар ким ўз овозига эга», «Менинг овозим — мамлакатим келажаги», «Танлаш ҳуқуқига эгамиз», «Сайловчилар рўйхатида ўзингни топ» каби акциялар ўтказилмоқда.

Тарғибот тадбирлари давра суҳбати, семинар, учрашув, бевосита мулоқот, конференция, тренинг шаклида, оммавий ахборот воситалари орқали мақола, эшиттириш ва кўрсатувлар эълон қилиш, турли рисола, флаер ва бошқа тарғибот материалларини тайёрлаш орқали амалга оширилмоқда.