Сўнгги йилларда болалар ва ёшларнинг китобга кизиқиши камайиб кетгани тўғрисида гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ахборот технологияларининг кенг тарқалиши ҳамда ахборот олиш ва кўнгил ёзиш учун янгидан-янги воситаларнинг пайдо бўлиши натижасида кўплаб ота-оналар фарзандини китоб мутолаасига жалб этишга қийналмоқда. Мазкур масала Ўзбекистон президентлигига номзодлар сайловолди дастуридан ҳам ўрин олди.

«Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, аҳолининг китобхонлик кўникмасини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратамиз», — дейилади ЎзЛиДеПдан номзод Шавкат Мирзиёев дастурида. Бундан ташқари, у «миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарини Интернет тармоқларига жойлаштириш ва уларни кенг тарғиб қилиш ишларига» ҳам урғу қаратган.

«Миллий тикланиш» партиясидан номзод Сарвар Отамуратов ҳам ёш авлодни китобга муҳаббат руҳида тарбиялашни қўллаб-қувватлашини белгилаб олган. Бунинг учун у Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр этиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, уларга солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар беришни таклиф қилмоқда.

«Газета.uz» ўқувчиларнинг бу борадаги фикрини ўрганишга қарор қилди: Сиз ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқиши тушиб кетган деб ҳисоблайсизми? Сизнингча ёшлар ўртасида китоб мутолаасини кучайтириш учун нима қилиш керак?

Ўз фикр-мулоҳазангизни қуйида ёзиш ёки ушбу ҳавола орқали махсус сўровномани тўлдиришингизни сўраймиз. Жавобларингиз Ўзбекистон ҳукуматида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳига ўрганиш учун тақдим этилади.