Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод Наримон Умаров Бухоро вилояти сайловчилари билан 9 ноябрь куни бўлиб ўтган учрашувда «Ижтимоий тенглик — тенг ҳуқуқ ва тенг масъулият демакдир» деган тамойилига таянган ҳолда фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий тенглиги учун курашишини маълум қилди. Бу хақда партия матбуот хизмати хабар тарқатди.

Наримон Умаров ҳар бир фуқаро қобилияти ва малакасидан келиб чиққан ҳолда меҳнат қилиши кафолатланадиган, меҳнатининг миқдори ва сифатидан келиб чиққан ҳолда муносиб иш ҳақи ва ҳаёт даражасига эришиши учун кенг ва тенг имкониятлар яратилган ижтимоий давлат қуришни ўз олдига белгилаб олган.

Номзод томонидан илгари сурилган аҳолининг барча ижтимоий қатламлари ўз вақтида, мунтазам, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишини таъминлаш ғояси учрашув иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Наримон Умаров Бухоро вилоятининг табиий иқлим шароитини, ер ва сув ресурсларининг шўрланиш даражаси юқорилигини инобатга олган ҳолда ҳудудда тиббий хизмат даражаси ва сифатини янада ошириш зарурлигига эътибор қаратди.

Шу билан бирга, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш масалалари президентликка номзоднинг эътибори марказида бўлиши алоҳида қайд этилди.

Наримон Умаровнинг бугунги кунда аҳоли ўртасида талаб ошиб бораётган тиббий муолажаларга, хусусан, трансплантологияга, экстракорпорал уруғлантириш ва бошқа замонавий тиббий хизматларга рухсат бериш тарафдори эканлиги, қолаверса, хорижнинг етук тиббиёт марказлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, чет эл врачларини Ўзбекистон тиббий муассасаларида жарроҳлик операциялари ўтказиш амалиётини кенгайтириш, уларни доимий асосда ишга таклиф қилиш орқали миллий мутахассислар малакасини оширишга доир таклифлари сайловчилар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.