Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 8 ноябрь куни Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашди, хабар қилди ЎзА.

Ўзбекистон президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. Дастурда давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этиш, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, макроиқтисодий барқарорлик ва изчил ўсиш суръатларини таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган устувор вазифалар белгиланган.

Сайловолди дастурида ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини кучайтириш, суд ҳокимиятининг мустақиллигини ва одил судловни таъминлаш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорликни ривожлантириш, озуқабоп ва экспортбоп экинларни кўпайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва фаровонлигини юксалтириш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.

Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Самарқанд шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди.