Ўзбекистон президентлигига Ўзбекистон халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзод Хатамжон Кетмонов 9 ноябрь куни Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашди.

Партия матбуот хизматининг хабар қилишича, вилоятнинг Маънавият ва маърифат маркази катта мажлислар залида бўлиб ўтган учрашув бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар билан видео-конференция шаклида ташкил этилди.

Хатамжон Кетмонов дастлаб Хоразм вилояти ҳақида сўз олиб, бу заминнинг Буюк Ипак йўлининг марказий тармоқлари кесишган нуқталардан бири бўлгани, дунё тамаддуни учун аҳамиятли қатор оламшумул ва буюк кашфиётлар амалга оширилгани ва бошқа кўплаб мисолларни тилга олди. Буларнинг барчаси Хоразм элининг бугунги тараққиёти ва улуғлигининг асосий омили ва мустаҳкам замини эканлигини, бу замин халқи азалдан фақат бугунги кунни эмас, балки узоқ келажакни кўзлаб иш тутишини таъкидлади.

Номзод ўз сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, унда аввало, Ўзбекистон Конституциясига қатъий амал қилиниши, миллий манфаатларга содиқлик, мамлакат мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини таъминлаш, фуқаролараро ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади — ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассамлигини тилга олди.