5 ноябрь куни Ўзбекистон президентлигига Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Сарвар Отамуратов Наманган вилоятидаги сайловчилар ва кенг жамоатчилик билан учрашди, хабар қилди партия матбуот хизмати.

Номзоднинг сайловолди дастурида аҳоли турмуш сифати, даражаси ва фаровонлигини ошириш — ижтимоий соҳадаги устувор стратегик мақсад сифатида белгиланган.

Наманган вилоятида 118 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей мавжуд бўлиб, уларнинг қарийб 70 фоизи қишлоқ жойларида. Сарвар Отамуратов олис ва етиб бориш қийин бўлган жойлардаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларини имтиёзли транспорт қатнови билан таъминлашни таклиф этди.

Номзоднинг сайловолди дастурида Ўзбекистон шаҳарларининг миллий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, архитектура ёдгорликларини асраб-авайлаш, қайта таъмирлашга кўмаклашиш асосий ўрин эгаллаган. Сарвар Отамуратов Наманган вилоятидаги Муғқалъа ва Ахсикент каби тарихий ёдгорликлар, бундан икки минг йиллар аввал пишиқ ғиштдан бунёд этилган Косон-Ахсикент ер ости сув тармоғи тўғрисида тўхталиб ўтди.

Наманган вилояти ҳунармандлари, жумладан, Чуст туманида истиқомат қилиб, пичоқдўзлик ва дўппидўзлик каби миллий ҳунармандчилик турларини авлоддан-авлодга етказиб келаётган усталар тўғрисида сўзлар экан, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлаб ўтди.