Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод Наримон Умаров 5 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувда фуқароларнинг уй-жойга бўлган талабини қондиришнинг мақбул йўлларини таклиф этди, дея хабар қилди партия матбуот хизмати.

Номзод сайловчилар эътиборини Андижон вилояти республиканинг майдони энг кичик ва аҳоли зич яшайдиган ҳудуди эканлигига қаратар экан, вилоятда бугунги кунда 2,9 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилаётгани ҳамда шундай шароитда табиийки, вилоят аҳолисининг уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжлари жуда юқорилиги ҳақида тўхталди.

Наримон Умаров уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштириш ва фоизларини оптималлаштириш, уй-жой бозоридаги фирибгарликлар учун жавобгарликни ва назоратни кучайтириш тарафдори эканини маълум қилди.

Бундан ташқари, уй-жой-коммунал комплекси ишини янада яхшилаш, аҳоли учун белгиланаётган коммунал тўловлар миқдорини доимий назоратда тутиш, бу соҳаларда аҳолига хизмат кўрсатадиган муқобил ташкилотлар ўртасидаги рақобатни оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни амалга ошириш устувор мақсадларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари сайловчилари билан видеоконференция орқали мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда жами 3000 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.