Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё шаҳарлари ҳукуматларини имкон қадар кўпроқ яшил ҳудудлар ташкил этишга чақирди. Бу ерда гап истироҳат боғлари ва хиёбонлар ҳақида ҳам, унча катта бўлмаган яшил бурчаклар ҳақида ҳам кетмоқда, дея хабар тарқатди БМТ Янгиликлар маркази.

Янги «Шаҳарлардаги яшил ҳудудлар ва саломатлик» ҳисоботи (инглиз тилида) муаллифлари яшил ҳудудлар стрессдан халос бўлишга ёрдам бериб, жисмоний фаоллик учун имконият яратади, деган хулосага келди.

Табиат қўйнида бўлиш одамларга ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва юқори ҳарорат каби турли зарарли омиллар таъсирини бирмунча бартараф этишга имкон туғдиради.

БМТ мутахассисларининг қайд этишларича, шаҳарликлар ўзлари яшайдиган жойлар яқинида яшил ҳудудлар бўлишидан эҳтиёжманд. Спорт ўйинлари учун майдончалар сингари жамоат жойларини ҳам фаол дам олиш учун кўкаламзорлаштириш таклиф этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, дунё етакчилари 2015 йилнинг сентябридаги БМТ саммитида имзолаган 2030 йилгача барқарор тараққиёт соҳаси кун тартибида барча, жумладан, аёллар ва болалар, кексалар ҳамда ногиронлар учун хавфсиз, очиқ ва бориш енгил бўлган яшил ҳудудлар ва жамоат дам олиш жойларини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

«Газета.uz» аввлроқ Тошкентда жамоатчилик учун қулай ва хавфсиз бўлган масканлар етишмаслиги масаласини кўтариб чиққан эди. Мазкур муаммо Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари учун долзарб бўлиб турибди.