27−30 октябрь кунлари Сочида (Россия) таэквондо ITF бўйича 13-«Қора денгиз соҳили Кубоги» халқаро очиқ чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақаларда Краснодар ўлкаси, Ростов-на-Дон, Волгоград, Москва, Қрим, Ставрополь, Абхазия ва Белорусдан олти ва ундан катта ёшдаги 500 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Ўзбекистон номидан эса 16 таэквандочи қатнашди.

Мусобақа якунларига кўра Ўзбекистон 11 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Ундан кейинги ўринларни Россия ва Белорусь эгаллади.

Техник комплексларда Лазиз Ҳасанов, Зуҳра Эргашева ва Бахтиёр Исроилов, яккалик баҳсларда Иброҳим Ниғматов (24 кг), Оятуллоҳ Акрамов (39 кг), Айгуль Болат (55 кг), Абдуазим Исроилов (70 кг), Азиза Сайдивалиева (52 кг), Заргуна Аҳрорқулова (35 кг), Муҳаммаджон Ахмитджанов (35 кг) ва Мироншоҳ Аҳмаджонов (40 кг) биринчи ўринни қўлга киритди.

Якка курашларда Саида Сайдивалиева (64 кг), Лазиза Сайдивалиева (45 кг) ва Шоҳжахон Насридинов (30 кг) кумуш медалга сазовор бўлди.

Баховуддин Болат (51 кг), Достон Одилжонов (26 кг) ва Озодбек Мирзаҳмедов (30 кг) ҳам яккалик масоги баҳсларида бронза медалларини қўлга киритди.

Ўзбекистон Таэквондо ITF миллий ассоциацияси президенти Лазиз Ҳасановнинг «Газета.uz"га хабар қилишича, мазкур мусобақа 30 ноябрь куни Минскда старт оладиган Жаҳон кубоги олдидан яхши синов бўлди.