Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги делегацияси икки мамлакатнинг меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлигини янада юқори ва сифатли даражага олиб чиқиш мақсадида Россияга ташриф билан келди. Бу ҳақда Меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ахборот хизмати «Газета.uz"га хабар берди.

Ташриф Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги дастури тўғрисидаги қарорига мувофиқ тарзда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россия иш берувчилари билан бевосита алоқаларини ўрнатиш ва олиб борилаётган ишларни фаоллаштириш мақсадида уюштирилди.

«Ҳамкорликнинг юқори ва сифатли даражаси фуқароларимизни Ташқи меҳнат масалалари агентлиги тармоғи бўйича Россия Федерацияси ҳудудида цивилизацион тарзда ишга жойлаштириш каби масалаларни ҳал этишни кўзда тутади», — қайд этилди агентлик хабарида.

Агентлик билан ҳамкорликда ишга жойлашиш Ўзбекистон фуқароларининг Россия ҳудудидаги ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши, ижтимоий-машиший шароитлар яратилишини таъминлайди ва кафолатлайди. Мустаҳкам чоралар қаторида меҳнат мигрантлари юзага келган масалалар бўйича зудлик билан жавоб олиши мумкин бўлган алоқа каналларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Россияда кўп дуч келадиган муаммолардан бири РФ ҳудудларида маъмурий органлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ҳисобланади. Ташриф чоғида Москва, Санкт-Петербург, Красноярск, Кемерово ва Астрахань каби шаҳарларда Россия иш берувчилари билан ишчи музокараларни олиб бориш белгиланган.