Beeline операторининг Ўзбекистондаги абонентлари сони жорий йил учинчи чораги якунларига кўра 9,6 миллионни ташкил этди, дейилади «ВымпелКом» гуруҳи ҳисоботида. 2015 йилнинг худди шу даврида бу кўрсаткич 10,2 миллионни ташкил этган эди.

Компаниянинг умумий тушуми январь-сентябрда 502 млрд сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг худди шу давриги кўрсаткичга нисбатан 5 фоиз кўп демакдир. Бунда мобиль алоқа хизматидан олинган даромад 499 млрд сўм (+5%), шу жумладан, маълумотларни етказиш хизмати — 95 млрд сўм (+7%)ни ташкил этди. Капитал ҳаражатлар эса 112 млрд сўмдан иборат бўлди.

EBITDA кўрсаткичи (асосий воситаларнинг ишдан чиқиши, номоддий активлар амортизацияси ва активларнинг қадрсизланиши билан боғлиқ зарарларни айириб ташлашгача бўлган операцион фойда) 11 фоизга ўсиб, 287 млрд сўмга етди.

Январь-сентябрь ойларида бир нафар абонентга ўртача ойлик ҳисоб (ARPU кўрсаткичи) 17,52 минг сўмни, ўтган йилги кўрсаткичдан 14 фоиз кўпроқни ташкил этди. МОU кўрсаткичи (бир ойда бир абонент томонидан фойдаланилган дақиқалар кўрсаткичи) — бир йил аввалги 550 дақиқага нисбатан 558 дақиқа.