Ўзбекистонга бўлиб турган Ҳиндистон ташқи ишлар давлат вазири Мобашар Жавад Акбар жорий йил 31 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди, хабар қилди ЎзА. Меҳмон дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Буюк Йўлбошчи қабрига гул қўйилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилди. Ислом Каримов руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди.

«Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов вафоти Ҳиндистон ҳукумати ва халқини ҳам чуқур қайғуга солди, — дейди Мобашар Жавад Акбар. — Чунки Ислом Каримов нафақат Ўзбекистон раҳбари, балки халқаро майдонда юксак нуфузга эга, тинчликпарвар, доно сиёсатчи эди. Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланишида Ислом Каримовнинг хизматлари жуда катта бўлди. Биз бу алоқаларни изчил давом эттиришга тайёрмиз».

Ҳиндистонлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг қарийб уч минг йиллик тарихидан сўзловчи «Афросиёб» музейидаги ноёб экспонат ва ашёлар, дунёга машҳур деворий суратларни қизиқиш билан томоша қилди. Шаҳар ўтмиши акс эттирилган ҳужжатли фильм уларда катта таассурот қолдирди.

Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш чоғида мазкур ёдгорликнинг яратилиш тарихи, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари ҳақида маълумот берилди.

Мирзо Улуғбек ёдгорлик мажмуи ва шаҳардаги бошқа тарихий обидалар, миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ҳиндистонлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар бундай ноёб меъморий обидаларни бунёд этган буюк аждодларимиз ақлу заковатига, уларни безавол асраб келаётган бугунги авлоднинг тарихимизга муносабатига юксак баҳо берди.