22−31 октябрь кунлари Боткен ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, учрашувлар чоғида Давлат чегара чизиғининг 49 та участкаси бўйича қўшма дала текширувлари ўтказилди ва позициялар келишиб олинди.

Музокаралар якунига кўра Баённома имзоланди.

Учрашув 26 октябрь кунидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти руҳида бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича икки мамлакат ваколатли органлари биргаликда олиб бораётган ишларнинг муваффақиятли якунланишидан томонлар бирдек манфаатдорлигини таъкидлаган эдилар.

Ишчи гуруҳларнинг навбатдаги учрашувини Ўзбекистон ҳудудида ўтказишга келишиб олинди.