29 октябрь куни Роғун шаҳрида Вахш дарёси қирғоғида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон иштирокида Роғун ГЭС тўғони қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди, хабар қилинди Тожикистон раҳбари сайтида.

«Эмомали Раҳмоннинг ўзи бульдозер рулига ўтирди ва эрталаб 10:00 дан 11:30 га қадар, яъни бир ярим соат давомида Вахш дарёси ўзанида шағал сурган ҳолда Тожикистон халқи учун ҳаётан муҳим ҳисобланган Роғун ГЭС тўғони қурилишини бошлаб берди», — қайд этилади хабарда.

Роғун ГЭС Вахш дарёсидаги тўққизинчи гидроэлектр станцияси ҳисобланади. У мамлакат пойтахти Душанбе шаҳридан 110 километр масофада жойлашган. Гидроэлектр станцияси 6 агрегатдан ташкил топган бўлиб, ҳар бирининг қуввати 600 мВт ни ташкил этади.

«Роғун ГЭС тўғонининг баландлиги 335 метрни ташкил этиб, дунёдаги энг баланд тош-тупроқли тўғон саналади. 3600 мегаватт (17 миллиард кВт/с дан юқори) қувватга эга гидроэлектр станцияси минтақадаги энг йириги ҳисобланиб, мазкур рақам Нурек ГЭС ишлаб чиқараётган қувватдан 1,5 баробар кўп демакдир», — хабар қилинди Тожикистон Президенти сайтида.

Объектда қарийб 15 минг мутахассис ва ишчи меҳнат қилаётган бўлса, 2100 дан ортиқ техника, машина ва механизмлар ҳаракатланмоқда.

Режага мувофиқ, Роғун ГЭСнинг биринчи навбати, яъни унинг биринчи агрегати 2018 йил охирига қадар, иккинчиси — 2019 йил апрелида ишга туширилиши лозим. Ишлаб чиқарилган электр энергияси мамлакатнинг ягона энергетика тизимига етказилади.