Ўтган ҳафтада Навоий иссиқлик электростанциясида (ИЭС) қуввати 450 МВт га тенг иккинчи буғ-газ ускунаси қурилиши бўйича халқаро шартнома имзоланди. Ускуна фойдаланишга топширилиши билан у йилига 3,28 млрд кВтс қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаришни бошлайди.

«Ўзбекэнерго» АЖ буюртмасини Япониянинг Mitsubishi Corporation ва Mitsubishi Hitachi Power Systems компаниялари амалга оширади. Молиялаштириш ишлари эса Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) заёмлари, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредитлари ҳамда «Ўзбекэнерго"нинг хусусий маблағлари ҳисобидан қопланади.

Тез орада бош пудратчи қурилиш майдонини тайёрлаш: ёрдамчи бинолар, идоралар, омборхоналар, қурувчилар учун хўжалик объектларини бунёд этиш, қурилиш майдонини тайёрлаш, коммуникацияларни монтаж қилиш бўйича ишларни бошлаб юборади. Жадвалга мувофиқ, навбатдаги БГУ 2019 йилнинг тўртинчи чорагидан фойдаланишга топширилади.

Навоий ИСЭнинг биринчи буғ-газ ускунаси 478 МВт қувватга эга бўлиб, 2012 йил охирида ишга туширилган эди. Бу Ўзбекистон энергия тизимидаги амалга оширилган илк йирик халқаро лойиҳага айланди. Станция модернизация қилингунига қадар 1 кВтс электр энергиясини ишлаб чиқариш учун 400 г атрофида газ ёқилган бўлса, эндиликда бу кўрсаткич 220−235 г ни ташкил этади. Шундай қилиб, 2014−2015 йилларда 700 миллион куб метр газ иқтисод қилинди.

Чорак аср муқаддам станция 25 минг кВтс электр энергия ишлаб чиқарган бўлса, бугунги кунда унинг қуввати 9 миллиард кВтс атрофидани ташкил этмоқда.