2017 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши кўрсаткичи 7,8 фоизни ташкил этади, гувоҳлик бермоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 28 октябрда тасдиқланган келгуси йил учун асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди, хабар қилди ЎзА.

Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари — молия вазири Рустам Азимов 2017 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари юзасидан маъруза қилди.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши кўзда тутилаётганлиги қайд этилди.

Бош вазир ўринбосари ҳисоботда мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш ҳисобидан юқори иқтисодий суръатларни таъминлашни таъкидлаб ўтди.

2017 йилги давлат бюджетида макроиқтисодий мувозанатни ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолишга, давлат қарзининг асоссиз ўсишига йўл қўймасликка, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада юксалтиришни таъминлашга, чуқур таркибий ўзгартиришларга ва муҳандислик, йўл-транспорт ҳамда ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш бўйича фаол инвестиция сиёсатини юритишга, шунингдек, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудларнинг даромад базасини кўпайтириш ва маҳаллий бюджет харажатларини мақбуллаштириб, субвенция олувчи ҳудудларни камайтиришга асосий эътибор қаратилган.

Келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда.

2017 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида келгуси йилда амал қилиш муддати тугаётган солиқ имтиёзларининг муддатини узайтириш таклиф этилмоқда. Бу эса тадбиркорлар тасарруфида келгуси йилнинг ўзида қарийб 500 миллиард сўмга яқин маблағ қолдириш имконини бериб, уларга ўз айланма маблағларини тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашни амалга оширишлари учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.

2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини сақлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш харажатларининг ҳажми жорий йилга нисбатан 16,7 фоизга оширилганлиги, бунда республиканинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш, шунингдек, янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида мамлакатдаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказишга Давлат бюджетидан 25,8 миллиард сўм, яъни жорий йилга нисбатан 1,17 марта кўп маблағ ажратиш таклиф этилмоқда.

Кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2017 йилда қарийб 2,6 триллион сўмдан ортиқ миқдорда, яъни 2008 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.