3 ноябрь куни Самарқанддаги «Чорсу» тасвирий санъат галереясида «Сеҳрли Словакия» фотокўргазмаси ва словак иллюстраторлари — 1967−2013 йилларда Братиславадаги халқаро биеннале совриндорларининг графика кўргазмаси бўлиб ўтади. Кўргазмалар омма учун 3 декабрга қадар очиқ бўлади, хабар қилди Словакиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

Экспозиция Словакия Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги давлат котиби Лукаш Паризекнинг Ўзбекистонга ишчи ташрифи ҳамда Словакия Республикасининг Европа Кенгашига раислиги доирасида ташкил этилмоқда.

«Сеҳрли Словакия» фотокўргазмасида Марказий Европа юрагида, Дунай дарёси ва баланд Татри тоғлари ўртасида жойлашган ушбу мамлакатни тасвирловчи 30 фотосурат намойиш этилади. Фотосуратлар муаллифи — словак фотосуратчиси Ладислав Стругар. У ўз ишларида Словакиянинг табиат ва шаҳар манзаралари, тарихий ва замонавий архитектура иншоотларини акс эттиради. Словак иллюстраторлари кўргазмасида эса болалар китоблари рассом-иллюстраторларининг энг яхши ишлари ўрин олган.