28 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистон Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди, хабар қилди МСК матбуот хизмати.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Сарвар Садуллаевич Отамуратов; Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёев; Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ҳатамжон Абдурахмонович Кетмонов; Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Наримон Маджитович Умаров Ўзбекистон Президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

Йиғилишда Президентликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан уларнинг сайловолди ташвиқоти бошланиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон» ва «Ёшлар» теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, Тошкент телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.

«Халқ сўзи», «Народное слово» ва «Правда Востока» газеталарида 6 саҳифадан, «Нурли жол» ва «Овози тожик» газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.

Шунингдек, номзодларнинг ҳар бири республикамиз бўйича 642 тадан ташқи реклама воситасидан, яъни, махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланадилар. Шунингдек республикамизнинг 36 та электрон мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликлари бепул жойлаштириш имконияти яратилади.

Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказиш учун 9378 та, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг хорижий ваколатхоналари ҳузурида 44 та сайлов участкаси тузилди. Округ сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссиялари таркиблари шакллантирилиб, уларнинг фаолиятига 98 мингдан зиёд киши жалб қилинган. Комиссия аъзоларининг 69 фоизи илгари сайлов комиссияларининг фаолиятида бевосита иштирок этган ва муайян тажрибага эга инсонлардир. Участка сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар сони 47,4 фоизни ташкил этади. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 26,7 фоизи хотин-қизлардир.