National Geographic журнали муаллифи, икки карра Пулитцер мукофоти совриндори Пол Салопек етти йиллик пиёда саёҳатининг Ўзбекистон қисмини якунламоқда.

Етти йиллик саёҳат 2013 йилда бошланган эди. Салопек қадимий одамларнинг сайёрага ёйилиши йўналиши бўйлаб — Африкадан Жанубий Америкага қадар пиёда саёҳат қилишни мақсад қилган. Бу вақт давомида у антропология, маданият ва тарих нуқтаи назаридан йўлда жойлашган 30 дан зиёд давлатни пиёда кезади. Журналист ўз тассуротларини National Geographic сайтида ёритиб боради.

Унинг айни пайтдаги йўналиши The Silk Roads деб номланади. У Қозоғистоннинг Каспий соҳилларидаги чегарасидан бошланиб, дастлаб Мангистау вилояти бўйлаб саёҳат қилиб, сўнгра Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Мўйноқ, Хива ҳамда Бухорода бўлди. Устюрт платоси ва Қизилқум чўлидан ўтган саёҳатчи шарққа қараб йўл олган. У Қирғизистонга ўтиш учун Қамчиқ довони орқали Андижон вилоятига йўл олган.

Пол Салопек ёлғиз саёҳат қилмайди. У ҳар бир мамлакатда ўзига йўлдош топади. Ўзбекистонда журналистга гид-экскурсовод Азиз Холмуродов ҳамроҳлик қилади. Айнан у «Газета.uz"га Пол Қорақалпоғистонда юкларни олиб юриш учун харид қилган икки бош эшак ҳақида сўзлаб берди. Саёҳатчилар жониворларга яхши хўжайин топиш умидида.

«Қарийб олти ой давомида Пол билан икки эшак бўлди. Улар мамлакат ғарбидан шарқигача масофани босиб ўтди. Улар тез орада Андижон вилоятининг Қорасувида бўлади. Жониворлар ишонч билан хизмат қилиб, йўлнинг қийин қисмларида катта ёрдам берди. Уларни ишончли қўлларга топширишдан умидвормиз. Ахир ҳамма эшак ҳам бутун Ўзбекистонни кезавермайди» — дейди Азиз Холмуродов.

Саёҳатчилар Тошкентда бир неча кунни ўтказишни режалаштирган.