Ўзбекистоннинг беш ҳудуди — Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси қўлларни совун ёрдамида мунтазас ювиш зарурлиги тўғрисидаги ахборот кампаниясига қамраб олинди. Акция Халқ таълими вазирлиги томонидан БМТ БОлалар жамғармасининг (ЮНИСЕФ) Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ўтказилди.

ЮНИСЕФ ваколатхонаси хабарига кўра, кампанияда мазкур вилоятларнинг айрим жойларида истиқомат қилувчи 7000 дан зиёд ўқувчилар ва уларнинг мураббийлари иштирок этди. ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги вакили Саша Грауманнинг таъкидлашича, овқатланишдан аввалги қўлни совунлаб ювишдек оддий ҳаракат қатор хавфли касалликлар, жумладан, пневмания ва диареянинг олдини олади, юқумли диарея хасталикларига чалиниш хавфини 40 фоизга бартараф этади.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, 2015 йилда бутун дунёда хавфсиз ичимлик суви ва санитраия шароитлари бўлмагани билан боғлиқ юқумли диареяли хасталиклари оқибатида 5 ёшгача бўлган 300 минг бола ҳаётдан кўз юмган. Ҳар йили 1,7 миллион бола диарея ва пневмания сабабли туғилганидан беш кунгача яшай олмай вафот этади. Ҳожатхонадан фойдаланган ҳар бешинчи одамгина қўлларини совунлаб ювади.