27 октябрь куни 19 ёшгача бўлган аёллар жамоалари ўртасида футбол бўйича Осиё чемпионати-2017 саралаш мусобақаси бошланади, хабар қилди Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти.

Саралаш мусобақалари Осиёнинг тўрт шаҳри — Нанкин (Хитой), Душанбе (Тожикистон), Янгон (Мьянма) ва Ханой (Вьетнам)да бўлиб ўтади. Мезбон мамлакатлар (Хитойдан ташқари) билан биргаликда яна 11 мамлакат: Австралия, Иордания, Таиланд, Хитой Тайбэйи, Эрон, Ўзбекистон, Фаластин,Ҳиндистон, Гонконг, Қирғизистон, Шимолий Мариана ороллари жамоалари иштирок этади.

Қуръа ташлаш якунлари бўйича тўрт гуруҳ шакллантирилди. Осиё чемпионати финал қисмига фақатгина гуруҳ ғолиблари йўл олади ва сўнгги қитъа биринчилигининг энг яхши тўрт жамоаси -Япония, КХДР, Жанубий Корея ва Хитой термалари билан августда Хитойда бўлиб ўтадиган 2017 йилги Осиё чемпионатида баҳсларни давом эттиради.

Ўзбекистон термаси ўрин олган B гуруҳи саралаш ўйинлари 27−31 октябрь кунлари Душанбедаги Марказий республика стадионида бўлиб ўтади. Ўзбекистон U-19 аёллар термаси Тожикистон (27 октябрь, 17:00), Гонконг (29 октябрь, 14:00), Хитой Тайбэйи (31 октябрь, 14:00) жамоалари билан баҳслашади.

Қуръа

  • A гуруҳи: Австралия, Иордания, Шимолий Мариана ороллари / 2−6 ноябрь;
  • B гуруҳи: Ўзбекистон, Хитой Тайбэйи, Гонконг, Тожикистон / 27−31 октябрь;
  • C гуруҳи: Таиланд, Мьянма, Фаластин, Қирғизистон / 20−24 декабрь;
  • D гуруҳи: Эрон, Вьетнам, Ҳиндистон / 2−6 ноябрь.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон U-19 аёллар термаси Марказий Осиё футбол ассоциациясининг CAFA Women’s Cup халқаро мусобақасида Эрон, Тожикистон ва Қирғизистон термаларини йирик ҳисобда мағлубиятга учратган ҳолда ғолиб бўлган эди.