24 октябрь куни Стокгольмда таниқли режиссёр, сценарист ва актёр Мэлис Абзалов вафот этди, дея ўз Facebook-саҳифасида хабар қилди режиссёр Али Ҳамроев Абзаловнинг қизи Назирага таянган ҳолда. Кино санъати арбоби 78 ёшда эди.

Ярим асрга яқин ижодий фаолияти давомида Мэлис Абзалов 40 дан зиёд фильмларни тасвирга олди. Улар орасида «Чинор остидаги дуэль», «Келинлар қўзғолони», «Ўткан кунлар», «Суюнчи», «Майсаранинг иши» сингари кинокартиналар томошабинлар қалбидан чуқур жой олган.

Стокгольм ва Тошкентда режиссёр билан видолашув маросимлари бўлиб ўтди. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Абзаловнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Мэлис Абзалов 1938 йил Янгийўлда (Тошкент вилояти) таваллуд топган. Тошкент театр-санъат институтини ҳамда сценаристлар ва режиссёрлар олий курсларини тамомлаган. 1959 йилдан Тошкент ёш томошабинлар театри саҳнасида роллар ижро этган, 1962 йилда «Ўзбекфильм» актёри ва режиссёри бўлган.