1 октябрда Ўзбекистонда доимий яшовчи аҳоли сони 31 миллион 977,1 минг кишини ташкил этди, дея хабар қилди Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати. Ўсиш йил бошига нисбатан 401,8 минг киши ёки 1,3 фоиздан иборат бўлди.

Шаҳар аҳолиси сони 16 миллион 181,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,6%), қишлоқ аҳолиси сони 15 миллион 795,7 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 49,4%) ташкил этди.

Январь-сентябрь даврида 532,4 мингта бола туғилиб, мос равишда туғилиш коэффициенти 22,4 промиллени ташкил қилди (2015 йилда 22,8 промилле бўлган).

Бу давр мобайнида 108,9 минг ўлим қайд этилган бўлиб, ўлим коэффициенти 4,6 промиллени ташкил этди.

Рўйхатга олинган жами ўлганларнинг 59,4 фоизи қон айланиш тизими касалликларидан, 8,9 фоизи ўсимталардан, 5,9 фоизи овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 5,2 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 6,3 фоизи бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан вафот этган.

Тўққиз ой мобайнида 5,6 мингта 1 ёшгача бўлган болалар ўлими қайд этилди ва гўдаклар ўлими коэффициенти 10,1 промиллени ташкил этди. 1 ёшгача ўлган жами болаларнинг 55,5 фоизи перинатал даврда юзага келадиган ҳолатлардан, 24,4 фоизи нафас олиш аъзолари касалликларидан, 9,8 фоизи туғма аномалиялардан, 3,1 фоизи юқумли ва паразитар касалликлардан вафот этган.

Январь-сентябрь ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 176,1 мингта никоҳ ва 22,2 мингта никоҳдан ажралишлар қайд этилган. Никоҳ тузиш коэффициенти 7,4 промилле, никоҳдан ажралиш коэффициенти эса 0,9 промиллени ташкил этди.

Республика бўйича кўчиб келганлар сони тўққиз ой ичида 106,5 минг кишини, кўчиб кетганлар сони эса 128,2 минг кишини ташкил этди. Миграция салдоси минус 21,7 минг кишини ташкил этди (2015 йилда минус 23,1 минг киши бўлган).