Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «INFOLIB — 2016» V Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди, хабар қилди ЎзА.

Ҳафталик дастуридан мусиқа кечалари, поэзиялар, китоблар тақдимоти, ёзувчи ва шоирлар, артистлар, спортчилар билан учрашувлар, фильмлар намойиши, болалар учун миллий ҳунармандчилик, тасвирий санъат, шахмат бўйича мастер-класслар ўрин олган.

Хорижий давлатлар элчихоналари, Британия Кенгаши ва Тошкентдаги Гёте институти томонидан ташкил этилажак тадбирларда хорижий маърифий дастурлар тақдим этилади.

Ҳафталикнинг ҳар бир куни «Очиқ эшиклар», «Ижод», «Кўрик-танловлар», «Билимлар ва хорижий тиллар», «Маданиятлар хилма-хиллиги» куни деб номланиб, унинг доирасида мавзуга оид тадбирлар, учрашувлар, анжуманлар ўтказилади.

Ҳафталик доирасида Миллий кутубхона ўқиш залларида янги адабиётларнинг очиқ кўргазмаси, нашриётлар ва китоб савдоси ташкилотларининг маҳсулотлари ярмаркаси бўлиб ўтади. Ўқувчилар ўртасида бадиий, адабий танловлар ўтказилади.

Ахборот-кутубхона масканлари ходимлари учун эса «Ахборот-кутубхона ресурслари каталогизациясининг долзарб масалалари» мавзуидаги тренинг, «Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасаларининг библиографик фаолияти: ривожланиш истиқболлари» мавзуидаги ўқув-семинар, «Замонавий ахборот технологиялари асосида ахборот-кутубхона ресурсларини сақлаш, реставрация ва консервация қилиш, электрон базасини яратиш» ўқув-семинари, «Ахборот-кутубхона соҳасида маркетинг» номли тренинг каби тадбирлар ўтказилади.