Сирдарё вилоятида Гулистон (вилоят маъмурий маркази) ва Ширин шаҳарлари ҳамда тўртта туман ҳокими ўзгарди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги сайтида хабар қилинди. Мазкур қарор юқоридаги ҳудудлар халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларининг вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов раислиги ҳамда Ўзбекистон Президенти Давлат маслаҳатчиси Даврон Назармуҳаммедов иштирокида ўтган навбатдан ташқари сессияларида қабул қилинди.

Гулистон шаҳрига Сирдарё вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Исматуллаев;

Ширин шаҳрига «Ўзбекенерго» акциядорлик жамияти электростанциялардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илхомжон Бегалиев;

Оқолтин туманига Жиззах вилояти Зомин тумани «Автосаноат-агро-Жиззах» МЧЖ раиси Хамрабай Раззоқов;

Сайхунобод туманига Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Носиржон Эгамбердиев;

Сардоба туманига Сирдарё вилояти прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи Шукурулло Турсунов;

Сирдарё туманига «Сирдарёавтойўл» ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Собиржон Назаров ҳоким этиб тайинланди.