Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам электрон ускуналардан фойдаланишга бўлган талабнинг ортиши электрон чиқиндилар тўпланиши муаммосини келтириб чиқармоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, ўз муддатини ўтаб бўлган техникалар барча қаттиқ маиший чиқиндиларнинг 5 фоизга яқинини ташкил этади, бироқ бундай чиқиндилар қарийб йўқ қилинмагани ва қайта ишланмагани боис атроф-муҳит ҳамда инсонлар саломатлиги учун жуда хавфли.

Тошкент рангли метал парчалари ва чиқиндиларини йиғиш ва қайта ишлаш заводи («Тошрангметзавод») Ўзбекистонда аҳолидан рангли метал парчалари ва чиқиндилари, аккумулятор батареяларини йиғиш бўйича ягона масъул орган ҳисобланади. 20 октябрь куни заводга уюштирилган пресс-тур давомида йиғиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жонибек Бердиевнинг журналистларга маълум қилишича, 2015 йилда 160 тонна электрон чиқиндилар қайта ишлашга қабул қилинди ва бу ҳажм доимий ортиб бормоқда.

«Тошрангметзавод» республика бўйича яроқсиз техникаларни қабул қилиш ва йиғиш тармоғига эга — ҳар бир ҳудудда унинг филиаллари фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар сони 24 тани ташкил этса, 2020 йилга келиб мазкур рақамни 100 тага етказиш режалаштирилган.

Маълумот учун, мобиль телефони 500 тадан 1000 тагача турли қисмлардан ташкил топган. Уларнинг кўпчилиги таркибида қўрғошин, симоб, кадмий ва бериллий сингари оғир металлар, бронланган антипиренлар сингари хавфли кимёвий бирикмалар мавжуд. Поливинилхлориддан ҳам кўп фойдаланилади.

Аҳолидан мазкур турдаги чиқиндиларни йиғиб олиш учун бозорлар, супермаркетлар ҳамда маиший ва электрон техника сотиш жойларига махсус контейнерлар ўрнатиш режалаштирилган. Турли муассаса ва корхоналардан чиқиндиларни қабул қилиб олиш чоралари ишлаб чиқилмоқда. Улар завод ва Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2016−2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорликдаги дастурида ўз аксини топган.

Видео