Малайзиянинг Пенанг шаҳрида 19−25 октябрь кунлари оғир атлетика бўйича 18 ёшгача бўлган ёшлар ва қизлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон вакили Адҳамжон Эргашев иккита олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидан бўлган спортчи вазни 62 килограммгача бўлган атлетлар ўртасидаги даст кўтариш баҳсида 125 килограмм штангани ўзига бўйсиндириб, олтин медалга сазовор бўлди. Силтаб кўтаришда 155 килограмм натижа билан кумуш медаль соҳибига айланди. Иккикураш якунига кўра 280 килограмм натижани қайд этган полвон биринчи ўринни эгаллади.

«Биринчи навбатда ўз мураббийлари — Борис Семенович, Суннат Музаффаров ва Жўрабек Заировни табриклайман. Аввалига силтаб кўтариш бўйича жаҳон рекордини (165 кг — таҳр.) янгиламоқчи эдим, бироқ бу сафар ўхшамади», — деди Адҳамжон Эргашев «Газета.uz"га.