Ўзбекистон Президенти в. б. таклифи бўйича Самарқандда барпо этилаётган трамвай тармоғи уч босқичда барпо этилади. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

«Трамвай қатновининг дастлабки босқичи Самарқанд темирйўл вокзали майдони ва Сартепа массиви оралиғида йўлга қўйилади, — деди Самарқанд шаҳар архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Улуғбек Тожибоев. — Пўлат излар Беруний, Буюк ипак йўли, Амир Темур, Туркистон кўчаларида ётқизилади. Умумий узунлиги 8 километрдан иборат мазкур йўл қурилишининг дастлабки ишлари бошланди».

Йўл қурилишининг иккинчи босқичида трамвай йўналишини Темирйўл вокзалидан Сиёб деҳқон бозоригача, учинчи босқичида Буюк ипак йўли кўчасидан Кимёгарлар шаҳарчасига қадар узайтириш кўзда тутилган.

Самарқанд шаҳрида дастлабки трамвай қатновини 2017 йил Наврўз байрамига қадар йўлга қўйиш режалаштирилган.

Бир оз муқаддам Самарқандга Тошкентдан Чехиянинг Pragoimex компанияси ишлаб чиқарган паст полли Vario LF трамвай вагонларининг бир қисми жўнатилган эди. Пойтахт учун мазкур моделдаги 20 та вагон 2011−2012 йилларда харид қилинган. Тошкентда трамвай ҳаракати ёпилиши билан уларнинг хорижга сотиб юборилиши тахмин қилинган эди. Аммо улар 1947−1973 трамвайлар ҳаракатланган иккинчи йирик шаҳардан ўз ўрнини топди.

Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Самарқандга трамвайларни қайтариш таклифини илгари сурган эди. Жумладан, у шаҳар транспорт тизимини такомиллаштириш зарурлигига эътибор қаратди. Йўл инфратузилмаси билан танишар экан, Президент в. б. трамвай тармоқларининг ётқизилиши аҳоли учун қулайлик яратиб, атроф-муҳитнинг экологик тозалигига хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.