АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон 24−29 октябрь кунлари Марказий Осиё давлатларига илк ташрифи доирасида Ўзбекистонда бўлади.

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизматининг хабар қилишича, Томас Шэннон Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ташриф буюриб, юқори лавозимли расмийлар, ишбилармон доиралар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.

Шунингдек, у қатор маданий мерос обидалари, жумладан, Регистон ҳамда биринчи Президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган музокараларда умумий манфаатли масалалар бўйича суҳбатлашиш ва муштарак минтақавий фаолият учун минбар саналган С5+1 ташаббуси доирасида АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади.