Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан жамият ва давлат ҳаётининг муҳим саналари муносабати билан амнистия актларини қабул қилиш анъанага айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тақдимномасига асосан Олий Мажлис Сенати 12 октябрда қабул қилган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги қарор давлатимизнинг ушбу йўналишда олиб бораётган инсонпарварлик сиёсатининг узвий давоми бўлди.

Амнистия жиноят содир этган шахсларга нисбатан давлат томонидан кўрсатиладиган инсонпарварликнинг олий намунаси бўлиб, унинг луғавий маъноси кечириш, гуноҳидан ўтиш тушунчаларини англатади.

Бошқача айтганда, амнистия — жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан ва жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш, жазо муддатини камайтириш ёхуд ушбу шахсларнинг судланганлик ҳолатини муддатидан илгари олиб ташлашдир.

Бундан кўзланаётган асосий мақсад — фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган шахсларга имконият бериб, уларни маҳалласи, оиласи ва фарзандлари бағрига қайтариб, жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялашдан иборатдир.

Шу нуқтаи назардан, бу галги амнистия тўғрисидаги қарорда жиноят содир этган шахсларни жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш ҳамда ўталмаган жазо муддатларини қисқартириш назарда тутилгани жуда муҳим.

Амнистия тўғрисидаги қарорда биринчи навбатда, аёллар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар ва чет давлатлар фуқаролари, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, шунингдек, жазони ижро этиш ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссиялари хулосасига асосан сил касаллигининг фаол шаклига чалинган деб топилган маҳкумлар жазодан озод қилиниши кўзда тутилган.

Айни чоғда, Жиноят кодексининг 167- ва 168-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаганлиги, ўта оғир жиноят, шунингдек, Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок қилганлиги ва улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланганлар амнистия таъсир доирасига тушмайди.

Жумладан, шу тоифада судланган аёллар, 18 ёшга тўлмаган шахслар, 60 ёшдан ошган эркаклар ва чет давлатлар фуқаролари ҳам жазодан озод қилинмайди.

Қарорнинг 2-бандида эҳтиётсизлик орқасидан жиноят содир этган шахслар, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятларни қасддан содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланган.

Аммо Жиноят кодексининг 167- ва 168-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаганлиги, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлиги ва улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган бўлса, қарорнинг 2-бандида қайд этилган шахслар ҳам жазодан озод қилинмайди.

Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 3-бандига асосан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати уч йилдан кўп бўлмаган, ҳукм амнистия эълон қилинган кунга қадар кучга кирган маҳкумлар жазодан озод қилинади.

Бироқ Жиноят кодексининг 167- ва 168-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги ва етказилган моддий зарарни тўлиқ қопламаганлиги, Жиноят кодексининг 97-моддаси, 104-моддаси учинчи қисми «д» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок қилганлиги ва улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланганлар қарорнинг 3-банди таъсир доирасига тушмайди.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг хулосаси, маҳкумнинг чин кўнгилдан пушаймонлик тўғрисидаги ёзма аризаси, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг маҳкумнинг амалда пушаймон бўлганлиги тўғрисидаги хулосаси ва маҳкумнинг яқин қариндошлари ҳамда унинг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг кафиллик хати бўлган тақдирдагина амнистия тўғрисидаги қарорнинг 4-банди қўлланилиши мумкин.

Қарорнинг 6-бандида қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддатини учдан бир қисмига; қасддан содир этган жинояти учун ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинганларнинг ўталмай қолган жазо муддатини тўртдан бир қисмига қисқартириш назарда тутилган.

Лекин Жиноят кодексининг 97-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги, тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок қилганлиги ва улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун судланган бўлса, бундай маҳкумлар қарорнинг 6-банди таъсир доирасига тушмайди.

Қарорнинг 7-бандида амнистия акти татбиқ этилмайдиган шахслар тоифаси алоҳида кўрсатилган. Унга кўра, узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларга; ўта хавфли рецидивистларга; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этганларга; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга; афв этиш ёки амнистия тартибида илгари жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган ва яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек, ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога алмаштирилган шахсларга нисбатан амнистия қўлланилмайди.

Айтиш керакки, Олий Мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қарорининг қўлланиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 1-бандига кўра, амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар жиноят содир этган ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларга, улар жазони қаерда ўтаётганлигидан қатъи назар қўлланилади.

Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди ва унинг ижроси уч ой мобайнида таъминланади.

Бинобарин, белгиланган бу муддат судларга алоҳида масъулият юклайди. Чунки судлар барча инстанцияларда ўзларининг иш юритувида қайси шахсларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар бўлса, шу шахсларга нисбатан; ҳукм қонуний кучга кирган, бироқ ижро этилмаган, қамоқда сақланмаётган шахсларга нисбатан; жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар тергов ва суриштирув органлари иш юритувида бўлган шахсларга нисбатан прокурорнинг илтимосномасига кўра; жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан — жазони ижро этиш муассасаси ёхуд органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири) томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида прокурорнинг илтимосномасига кўра амнистия тўғрисидаги қарорни қўллайдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, ҳалқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан иборат ишчи гуруҳларини тузиш ва бу жараёнга уларнинг бевосита иштирокини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Ҳозирги вақтда республика умумий юрисдикция судлари амнистия қарорини белгиланган муддатларда сифатли қўллашга масъулият билан ёндашиб, бунда холислик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида, прокурорлар томонидан амнистия қарорини қўллаш ҳақида киритилаётган илтимосномаларни биринчи навбатда жазони ижро этиш муассасаларига, фуқароларнинг яшаш, ишлаш ва таълим олиш жойларига бориб сайёр суд мажлислари тартибида уюшқоқлик билан ўтказишга, шунингдек, амнистия қарорини ижро қилиш жараёнини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Мухтасар айтганда, Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қарорнинг таъсир доирасига тушадиган ҳар бир шахс авваламбор, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиб олиш учун берилаётган имконият замиридаги бағрикенглик ва кечиримлилик фазилатларининг асл моҳиятини чуқур англаб олишлари зарур.