Япония ҳукумати Ўзбекистонда маҳкамалараро мобиль гуруҳлар ташкил этиш йўли билан афғон наркотикларига қарши кураш бўйича лойиҳага 263 млн япон иени (2,5 млн АҚШ долларига яқин) миқдорида молиявий кўмак ажратади, хабар қилди «Туркистон-пресс» НАА. Лойиҳа БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ) томонидан амалга оширилади.

Япония ҳукумати ва БМТ НЖБ ўртасидаги алманишув ноталарини имзолашга бағишланган маросим 20 октябрь куни Тошкентда бошқарманинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонасида бўлиб ўтди. Ҳужжатлар Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Нобуаки Ито ва БМТ НЖБнинг минтақавий ваколи Ашит Миттал томонидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотиклар устидан назорат қилиш бўйича Миллий ахборот-таҳлил маркази директори Аҳмед Мансуров иштирокида имзоланди.

«Ўзбекистонда маҳкамалараро мобиль гуруҳлар ташкил этиш йўли билан афғон наркотикларига қарши кураш» лойиҳаси фаолияти Ўзбекистонда наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш соҳасида муаммоли жиҳатларни ҳал этиш, шунингдек, жиҳозлар тақдим этиш, инфратузилмаларни мустаҳкамлаш, тренинг ва семинарлар ташкил этиш йўли билан ходимлар малакасини оширишга йўналтирилади.

Дастур тадбирлари Миллий ахборот-таҳлил маркази билан мувофиқликда Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, жумладан, Миллий хавфсизлик бошқармаси, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги иштирокида амалга оширилади. Маҳкамалараро мобиль гуруҳлар жойларда темир йўл магистраллари бўйлаб наркотиклар контрабандасига жалб этилган шахсларни аниқлаш бўйича бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик олиб боради.