20 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Президент в. б. Шавкат Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси сифатида қуйи палатага тақдим этилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида«ги Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонунчилик палатаси ахборот хизматининг хабар қилишича, муҳокама чоғида қонун лойиҳаси коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни кенг кўламда қонун йўли билан тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларининг самарадорлигини оширишга, шунингдек жамият ҳаётининг барча соҳаларида бундай ҳолатга тўлиқ барҳам беришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали коррупциянинг барча кўринишларига нисбатан мурасасозлик муҳитини яратишга қаратилгани таъкидланди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда қабул қилди. Депутатлар қайд этганидек, қонун лойиҳаси маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланадиган махсус қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақоми, уларни қабул қилиш, сақлаш ҳамда озод қилиш тартиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, интизомий жазо чоралари ҳамда маъмурий қамоқни амалга оширишга тааллуқли бошқа қоидаларни назарда тутади.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳибсга олинган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлашга, маъмурий қамоқ жазосини ўташнинг ягона амалиётини таъминлашга, ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда ушбу тизим ходимларининг масъулиятини оширишга хизмат қилади.