20 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар қилди.

Қонун лойиҳаси коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашнинг қўшимча ҳуқуқий кафолатларини яратиши, хусусий мулк ҳуқуқига ғайриқонуний тажовузларни, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга шунингдек, ишчанлик фаоллиги ўсишига ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.

«Қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштирокининг назарда тутилаётгани мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлади, — дейди Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шухрат Мамажонов».

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши қарорига мувофиқ, қонун лойиҳасига Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси масъул этиб белгиланди ва ишчи гуруҳи шакллантирилди.