«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 18 октябрдан UzCard банк карталар ёрдамида халқаро рейсларга авиачипталарни онлайн-бронлаш ва харид қилиш хизматини йўлга қўйди. Бу ҳақда ташувчи матбот хизмати хабар қилди. Бунга қадар фақатгина маҳаллий йўналишларга чипталарни авиакомпания сайти орқали сотиб олиш мумкин эди.

Чипталарни парвозга энг камида уч соат қолгунга қадар муддатгача онлайн харид қилиш мумкин. Брон қилиниб, тўлов муваффақиятли якунланганида, фойдаланувчининг электрон почтаси ва мобиль телефони рақамига электрон чиптанинг сафар ҳақида батафсил маълумотлар акс эттирилган йўналиш нусхаси юборилади.

Аэропортда парвозни рўйхатдан ўтказишда авиачиптанинг нусхаси ва йўловчи шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт)ни тақдим этиши лозим.

Келгусида Visa ва Mastercard пластик карталари ёрдамида чипталарни онлайн сотишни жорий этиш режалаштирилган.