Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни Кувайт Давлати бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ билан учрашди, хабар қилди ЎзА.

Учрашувда Ўзбекистон — Кувайт муносабатларини янада юқори босқичга кўтариш, ҳамкорликнинг янги саҳифасини очиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклик кўламини ошириш мақсадида келаси йилнинг биринчи чорагида ўзаро ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди. Комиссияга икки томондан ҳам бош вазирнинг биринчи ўринбосари мақомида раислар тайинланди.

Бу ўринда Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларида фаол иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Ҳозирги кунгача мазкур жамғарманинг имтиёзли кредитлари ҳисобига сув таъминоти, транспорт инфратузилмаси ва тиббиёт соҳаларида умумий қиймати 60,6 миллион АҚШ долларига тенг 3 лойиҳа амалга оширилган. Шунингдек, кардиохирургия, ирригация ва автомобиль йўлларини таъмирлаш соҳаларида 72,5 миллион долларлик яна 4 лойиҳа ижроси давом этмоқда.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкентда «Таълим ва маърифат — тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори остида ташкил этилган 43-сессиясида ушбу тузилмага раислик Кувайт Давлатидан Ўзбекистон Республикасига ўтди. Шу муносабат билан Кувайт томони Ўзбекистон раҳбариятининг ташкилотга раислик даврида амалга ошириш борасида илгари сурган таклиф ва ташаббусларига юксак баҳо бериб, уларни тўла қўллаб-қувватлашини, бу йўналишда кенг кўламли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.